Дугоналари билан кечки овқатга бормоқчи бўлган қиз икки кун олдин янги кийим можаросини бошлади. Эркалик билан ота-онасини ноқулай аҳволга солар, кўнглига озор берадиган, ғурурини синдирадиган сўзларни гапирарди. Ота-онасининг қўли калталигини юзига солаётган қиз, уларни чорасизлиги туфайли надоматга қўяётганини мулоҳаза қилмас, шартакилигини қўймасди.
– Дугоналарим бир марта кийган либосини ҳеч қачон қайтиб киймайди. Мен бўлсам ялиниб-ёлвориб сизларга биттагина янги кўйлак олдиролмайман!, дерди.
Отаси мунғайибгина чорасизлигини англатаркан, қиз унга парво ҳам қилмасди. Эски-туски нарсаларни олиб сотиш билан шуғулланиб, рўзғорини амал-тақал ўтказаётган бетоб ота, қишнинг совуқ кунларида иши бироз юришмаётганидан тараддудланарди.
– Сиздан уяламан, дада!, деди қиз отасига тик қараб. Қўли калта бетоб отанинг тиззалари қалтиради. Кўз ёшлари қалбига оқди.
Кечки таомни жимгина едилар. Оқшом оилабоши қизи киймоқчи бўлган кийимнинг нархини онадан сўради. Юраги ачишиб оғриётган ота пулни қандай бўлмасин топиб, қизига тутқазишни ўйларди. Эртаси куни ота эрталаб қовоғидан қор ёғаётган қизнинг қўлига икки юз эллик лира берди. Пулни кўриб қизнинг чеҳраси ёришди. Тонгда савдо марказига отланди. Кўз остига олиб қўйган кўйлакни харид қилди. Янги кийимнинг завқи рутубатли ҳавода қизнинг руҳига илиқлик бахш этди. Бахтдан сармаст, гўёки учиб-қўниб кечки овқатга борди.
Уйга қайтиб ҳам отасининг дарди билан парво қилмай, телефонга ёпишиб кечки овқатнинг муҳокамасини қилиш учун дугоналари билан гап сотишга тушиб кетди. Лекин кундан кунга отасининг йўтали босилмай, иситмаси тушмаётганига аҳамият бермади. Хаёлида янги кўйлаги ва бу кийимда кечки овқатга маликалардай ҳамманинг эътиборида бўлгани жонланарди, холос. Онаси йўқсиллик сабабли эрини ҳатто касалхонага олиб боролмаётганидан ўксиниб, кўз ўнгида умр шами сўниб бораётган жуфтига чорасиз термуларди.
Бир неча кундан кейин отанинг узоқ давом этган йўтали тонгга яқин тўхтади. Пешинга яқин ювғич отасини ювиб-тараб, кафанлаш учун олиб кириб кетар экан, қиз ҳануз отасининг ўлимига ишонгиси келмасди. Қўни-қўшнилар масжид айвонида ўзаро шивирлаб “Қизи истаган кийимни олиб бериш учун, уст-бошини сотиб, қишнинг совуғида касали бадтар хуруж қилибди шўрликни” деганини эшитганида бефойда пушаймонлик оташида қовурилгани билан энди кеч эди. Энди ҳеч қандай кийим эрка-тантиқ қизни ота меҳридай иситолмаслигини англаб етдию, аммо кечикди...
Умида АДИЗОВА таржимаси
______________