Фарғона вилоятининг Қува туманида коллежнинг учинчи курсида ўқиётган 19 ёшли қиз ўғирлаб кетилгани ва бир ой давомида уч киши томонидан мунтазам зўрлаб келингани айтилмоқда. ИИБ ушбу мурожаатни ўрганиб чиқиб, бунда жиноят аломати йўқ дея жиноят иши қўзғатишни рад этган.
«Daryo» мухбири ушбу мурожаатга кўра, Қува туманида бўлиб зўрлангани айтилган қиз ва унинг ота-онаси ҳамда мутасадди шахслар билан суҳбатлашди.
Зўрлангани айтилган қиз Р.С.нинг айтишича, у 2019 йилнинг 14 март куни дугонасини кўриш ва бир ҳафта давомида уларнинг уйида қолиш мақсадида Фарғона шаҳрига борган. Шу орада карантин чекловлари жорий этилган ва у дугонасиникида қолишга мажбур бўлган. 25 март куни дугонаси билан кундалик эҳтиёжлари учун зарур нарсаларни сотиб олиш мақсадида яқин орадаги дўконга чиққан. Шунда шахси Р.С.га кейинчалик маълум бўлган Т.С. исмли шахс уларни мажбурлаб машинасига ўтқазиб, олиб кетишга уринган. Қизлардан бири қаршилик кўрсатиб, машинадан тушиб, қочишга улгурган.
«Дугонам ўша ерда қолиб кетди. Мени мажбурлаб машинада олиб қолди. Қаршилик кўрсатиб, урушсам ҳам қўйиб юбормади. Нима учун бундай қиляпсиз, қаёққа олиб кетяпсиз, дедим. ‘Сен қидирувда экансан, уйингга олиб бориб қўяман’, деганидан кейин бироз хотиржам бўлдим. Қувага келгач, уйимга олиб келмасдан, темир йўл станцияси томондаги ‘дом’га олиб бориб, мажбурлаб ўша уйга олиб кирди. Қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилдим, лекин кучим етмади. Қўлларим ва оғзимни боғлаб қўйиб, бир неча марта зўрлади. Устимдан қулфлаб қўйиб, ўша уйда бир ой олиб ўтирди. Ҳар икки кунда мажбурлаб, жинсий алоқада бўларди», — дейди Р.С.
Қизнинг таъкидлашича, у ерда яна иккита йигит ва бир аёл ҳам бўлган. Т.С. уни қўшниси ва дўсти билан ҳам жинсий алоқа қилишга мажбурлаган. Қиз қаршилик кўрсатса, уриб, кўпчилик бўлиб зўрлаган.
Бу жараён бир ой давом этган. Қизда қочиб кетиш имкони бўлмаган. Сабаби телефонини олиб қўйган. Қизни 2004 йилда туғилган вояга етмаган Д.Ж. билан ҳам жинсий алоқа қилишга мажбурлашган. Т.С. уларнинг уятли ҳолатларини мунтазам видео ва расмга олган. Қизга эса бўлган воқеаларни кимгадир айтса, расмлари ва видеолари интернетда тарқатилиши айтилган ва қўрқитилган.
2020 йил 25 апрель куни Т.С. қизни ички ишлар бўлимига олиб келиб берган. Уйга қайтган қиз қўрққанидан бўлган воқеаларни ҳеч кимга айтмаган. Орадан тўрт-беш ой ўтгач, уйдагилари унинг ҳомиладор эканлигини сезиб қолган. Шундан сўнг, қиз бор гапни ота-онасига айтиб берган.
«Қизим Фарғона шаҳридаги дугонасининг уйига кетган эди. Бирор ҳафталардан кейин дугонаси қўнғироқ қилиб, қизимни иккита йигит мажбурлаб машинага миндириб, олиб кетганини айтди. Кейин биз уни қидиришга тушдик. Ички ишларга мурожаат қилдик. Карантин бўлиб қолди, қизингизни топиш қийин бўляпти, деб анча вақт пайсалга солишди. Бир ой деганда, ички ишлар ходимлари қизимни уйга олиб келиб беришди. Нима бўлганини сўрасак, айтишни хоҳламади. Ҳомиладорлигини билганимиздан кейин ўзимиз сўраб, ҳаммасини билиб олдик. Шундан кейин қизимга ҳеч ким яхши муносабатда бўлмади. Қўни-қўшни, қариндошлар биздан юз ўгиришди. Жаҳл устида қизимни уйдан ҳайдаб юбордим. Орадан бир ой ўтиб, қариндошларимизникидан топиб, уйга олиб келдим. Нима қилай, фарзандим экан, ачиндим. 21 декабрь куни қиз фарзандли бўлди. Бошимизга тушган ишларни душманимга ҳам раво кўрмайман. Ўлиб бўлдик», — дейди қизнинг отаси Х.Т.
Қизнинг ҳомиладорлиги маълум бўлгач, унинг яқинлари бир неча марта прокуратура ва ички ишлар идораларига, халқ қабулхонасига мурожаат қилган.
Мазкур мурожаатлар юзасидан 2020 йилнинг 22 октябрида юборилган расмий жавоб хатида таъкидланишича, Р.С.нинг аризаси Қува тумани ИИБнинг терговга қадар текширув бўлими мансабдор шахслари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилган. Мазкур ҳолатда Т.С. ва вояга етмаган Д.Ж.нинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмагани сабабли Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан тўпланган ҳужжатлар юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Қизнинг яқинларига оилавий ва фуқаролик низолар бўйича даъво билан тегишли фуқаролик судига, оталикни белгилаш ва турмуш қуриш масаласида ФҲДЁ органларига мурожаат қилиши, шунингдек, ДНК текшируви ўтказиши мумкинлиги тушунтирилган.
«Ҳамма айбни қизимизга юклашди. Ўзи хоҳлаб шу ишларни қилган экан. Уларга ҳеч қандай чора кўрилмади. Ҳеч нарса бўлмагандек, бемалол юришибди. Ҳали коллежда ўқиётган ўқувчи қизни мажбурлаб олиб кетиб, бир ой хоҳлаган ишини қилишлари жиноят эмасми? Шунча ишни қилганлар жазосини олиши керакми? Қизимнинг ҳаёти барбод бўлди-ку. Коллежни ҳам тугата олмади, дипломсиз қолиб кетди. Бизга уларнинг ҳеч нарсаси керак эмас. Боласини ҳам ўзим боқиб оламан. Фақат айбдорлар жазосини олиши керак», — дейди қизнинг отаси Х.Т.
Ушбу ҳолат юзасидан Фарғона вилоят прокуратураси расмий маълумот берди. Унда таъкидланишича, фуқаро 2001 йилда туғилган Р.С. 2020 йил 22 сентябрда Қува тумани ИИБга мурожаат қилиб, уни 2020 йил 25 март куни фуқаро Т.С. Қува туманидаги кўп қаватли уйларга олиб бориб, вояга этмаган Д.Ж. ва С.К.лар билан бирга бир ой давомида асоссиз ушлаб турганини, зўрлик ишлатиб номусига текканини билдирган.
«Мурожаат юзасидан Қува тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, С.Р.ни зўрлик ишлатиб номусига тегилганлиги, олиб кетилганлиги ва асоссиз ушлаб турилганлиги ҳақидаги важлари экспертиза хулосаси, тушунтириш хатлари ва иш юзасидан тўпланган бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топмаган. Қува тумани ИИБ томонидан 2020 йил 12 декабрда жиноят иши қўзғатиш рад қилинган. Ўрганиш давомида текширув жараёнини бевосита назорат қилган Қува тумани прокуратураси ходимлари хатти-ҳаракатларида қонун бузилиши ҳолати аниқланмаган», — дейилади прокуратура ахборотида.
«Daryo» мухбири қиз яшаган маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари билан ҳам суҳбатлашди. МФЙ раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Саида Ботирова Р.С. 2020 йил январь ойида ҳам уйидан рухсатсиз чиқиб кетиб, анча вақт топилмаганини, сўнг олиб келиниб, далолатнома тузилгани-ю, отасидан тилхат ёздириб олинганини маълум қилди. Айтилишича, қиз фарзандли бўлганда ҳам дори-дармонлари МФЙ масъуллари томонидан олиб берилган. Унинг оиласига, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ва пул ҳам берилган.