Бу воқеани укамдан
эшитганман. Унга дўсти
айтиб берган экан: «16 ёшда
эдим. Бир тонг дадам биздан
ўттиз чақирим узоқликдаги
қишлоққа, ўртоғиникига
олиб бориб қўйишимни
сўради. Машина ҳайдашни
энди ўрганганим учун
фурсатни бой бермай,
бажонидил рози бўлдим.
Дадамни манзилга ташлаб
қайтаётганимда: “Машинани
таъмирлатиб, икки соатдан
кейин кел”, деб
тайинладилар. Уловни таниш
устада қолдирдим. Вақтни
қандай ўтказишни билмай,
ниҳоят кинохонага йўл
олдим. Қизиқиб кетиб кетма-
кет кино кўраверибман,
ташқарига чиққанимда
дадам айтган вақтдан икки
соат ўтиб кетган эди.
Кечикканим учун дадамнинг
жаҳли чиқиши аниқ, қайтиб
машинани миндирмаслиги
ҳам мумкин. Бордим, кеч
қолганим учун узр сўраб,
устахонада таъмир иши
чўзилиб кетганини айтдим.
Дадамнинг ўша ондаги
нигоҳини асло
унутолмайман.
– Менга қўрқмай ёлғон
гапиряпсан-а?! Кута-кута
охири устахонага телефон
қилдим. Уста машина
аллақачон тайёр бўлганини,
бироқ сен келмаганингни
айтди...
Уялиб кетдим. Ноилож
тўғрисини гапирдим.
– Сендан эмас, ўзимдан
хафаман, – деди дадам бироз
жимликдан кейин. – Агар
шунча йилдан кейин менга
ёлғон гапира олаётган
экансан, демак, яхши ота
бўлолмабман. Дадасини
алдашга қодир бола
улғайтирибман. Уйга пиёда
кетаман, йўл бўйи қаерда
хато қилганимни ўйлаб
бораман.
Шундай дея дадам чанг
йўлдан бошини эгиб кета
бошлади. Мен эса ёнгинасида
машинани секин ҳайдаб
ялиниб, кечирим сўраб
борардим. Бироқ дадам
эшитмаётгандек кетаверди.
Ўттиз чақиримни шу аҳволда
босиб ўтдик...
Дадамнинг ҳам жисмонан,
ҳам руҳан қийналишига
гувоҳ ва сабабчи бўлганим
ҳаётимдаги энг изтиробли
онлар эди. Умримдаги энг
катта дарс ҳам шу бўлди –
ўшандан кейин бирор марта
ҳам ёлғон гапирмадим».